ЁШЛАРДА МАФКУРАВИЙ ИММУНИТЕТНИ МУСТАҲКАМЛАШ

 

Мафкуравий хуружларнинг мамлакатимиз ва жа­миятимиз учун жиддий хавфларини бартараф этиш учун нима қилиш керак? Давлатимиз раҳбари таъкидлагандек: «ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, киши организмида унга қарши иммунитет ҳосил қилинади. Биз ҳам фарзандларимизни она-Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига садоқат руҳида тарбиялаш учун, таъбир жоиз бўлса, аввало уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтиришимиз зарур»1.

Мафкуравий иммунитет аслида давлат ва миллатнинг маънавий бирлиги бўлиб, уларнинг маънавий соғломлигини ҳимоя қилувчи ғоявий қалқон вазифасини бажаради. Мафкуравий иммунитетни шакллантирадиган ва мустаҳкамлайдиган омиллар ҳам Президентимиз томонидан кўрсатиб берилган. Улар қуйидагилардан иборатдир:

• ҳар қайси инсон ўзлигини англаши;

• қадимий тарихимиз ва бой маданиятимиз, улуғ аждодларимиз меросини чуқурроқ ўзлаштириш;

• бугунги кунда тез ўзгараётган ҳаёт воқелигига онг­ли қараб, мустақил фикрлаш;

• диёримиздаги барча ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси билан яшаш1.

Шахснинг ўзлигини англаши унинг қайси юртнинг фарзанди эканлиги, яъни насл-насаби кимлиги, яшаш­дан мақсади, ўз шаъни, қадр-қимматини тушуниб етишидан бошланади. Шу маънода ўзбек халқининг ҳар бир фарзанди ўз Ватанининг шонли тарихи, бой тарихий ва маданий мероси, жаҳон фани ва маданиятига, умуман инсоният цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган буюк аждодлари билан ҳақли равишда фахрлана олади.

Узоқ ўтмишда, яъни IX–XI асрлардаёқ Бағдоднинг «Байтулҳикма» (Донишмандлик уйи) деган ном билан шуҳрат қозонган академияси каби Хивада ташкил этил­ган Маъмун академияси бўлганлиги, XV асрда 1018 та юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви баён қилинган биринчи янги астрономия жадвалини (Зижи Жадидий Кўрагони) яратган Мирзо Улуғбекнинг илмий мактаби шаклланганлиги билан фахрланмай бўладими?!

IX–XII асрлардаги Шарқ уйғониш даврида буюк мутаффаккирларимиз математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт каби аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, тарих, фалсафа ва адабиётнинг равнақ топишига улкан ҳиссаларини қўшганлар. Хусусан, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий алгебра фанига асос солиш билан бирга, астрономия, география ва иқлим назарияси бўйича ҳам кўплаб илмий асарлар яратган. Бу буюк алломамизнинг дунё илм-фани ривожидаги хизматлари башарият аҳли томонидан эътироф этилган бўлиб, Шарқ олимлари орасида алломанинг номи ва асарлари «алгоритм» ва «алгебра» каби замонавий илмий атамаларда абадийлаштирилган.

IX асрда яратилган «Астрономия асослари» асари Христофор Колумб, Фернанд Магеллан ва бошқа саёҳатчиларнинг кашфиётлари учун илмий асос бўлиб хизмат қилган Аҳмад ал-Фарғоний оламнинг тузилиши, Ернинг ўлчови ҳа­қидаги дастлабки илмий маълумотларни, сайёрамизнинг шарсимон кўринишга эга экани хусусидаги далилларни ишлаб чиққан. У Нил дарёсида кўп асрлар давомида сув сатҳини ўлчайдиган асосий восита сифатида хизмат қилиб келган «ниломер» машҳур иншоотини яратган.

XI аср бутун дунёда буюк ватандошимиз номи билан «Беруний асри» деб аталади.

Абу Райҳон Беруний биринчилардан бўлиб денгизлар назарияси ва Ернинг шарсимон глобусини яратиш юзасидан ўзига хос янги ғояларни таклиф этди. Ер радиусини ҳисоблаб чиқиб, бўшлиқ ҳолатини изоҳлаб бергани, Христофор Колумб саёҳатидан 500 йил аввал Тинч ва Атлантика океанлари ортида қитъа мавжудлиги ҳақидаги қарашни илгари сургани, минераллар таснифи ва уларнинг пайдо бўлиш назариясини ишлаб чиқиб, геодезия фанига асос солгани қалбларимизни ғурур ва фахрга тўлдиради!

«Ислом оламининг энг машҳур файласуфи ва қо­мусий алломаси ҳамда инсониятнинг энг буюк мутафаккирларидан бири» унвонига сазовор бўлган Абу Али ибн Синонинг ҳаёти ва фаолияти ҳаммамизда алоҳида эҳтиром туйғуларини уйғотиши табиийдир. Алломамизнинг тиббиёт тарихида энг машҳур бўлган, XV асрда чоп этилган «Тиб қонунлари» асари кейинги бир неча юз йиллар учун тиббиёт фанлари тараққиётининг асосий йўналишларини олдиндан белгилаб берибгина қолмасдан, ҳозирги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганлиги амалий тиббиёт ва фармакология соҳаларининг энг муҳим усулларига асос солганлиги, Европанинг етакчи университетларида қарийиб 500 йил давомида тиббиёт илми айни шу китоб асосида ўқитиб келинаётганлигини инкор этиб бўлмайди.

Биз ислом маданиятининг равнақига бебаҳо ҳисса қўшган муҳаддислар султони Имом Бухорий. Исо Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абдуҳолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбандий, буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг, Алишер Навоий ва Мирзо Бобур каби улуғ маърифат­парварларнинг авлодига мансуб эканлигимизни ҳис этишдан кўнглимиз тоғдек кўтарилади.

Ўзлигини англай бошлаган кишигина шахс даражасига кўтарилади. Демак, ўзликни англаш, аввало ҳар бир инсоннинг шахси, алоҳида «мени» билан боғлиқ. Ўзлигини англаган инсон маънавий юксалишга эришади, ҳар қандай шароитда эзгуликка интилади. Буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий:

Одами эрсанг, демагил одами,

Ониким йўқ, халқ ғамидин ғами, –

деганларида, биринчи навбатда, инсон ўзлигини англашини ижтимоий муносабатлар асосида кўриши зарурлигига алоҳида урғу берганди.

Давлатимиз раҳбари ҳам: «Ўзини англаган инсон ўзи учун нима фойдалилиги ва нималарга қодир эканлигини яхши тушунади. У қўлидан келадиган иш билан шуғулланиш асносида ўз эҳтиёжини қондиради ва саодатга эришади. Ҳар қандай хато ва бахтсизликлардан холи бўлади. Бунинг натижаси ўлароқ, у ўзга одамларни қадрлай олади ва улардан эзгулик йўлида фойдалана билади. Оқибатда ўзини кулфатлардан асрайди»– деб кўрсатган.

Шу билан бирга қадимий тарихи ва бой маданиятини, улуғ аждодларининг меросини чуқур ўзлаштирган, яъни ўзлигини тўлиқ англаган шахснинг маънавий иммунитети мустаҳкам бўлиши шубҳасиздир.

Ҳозирги шиддаткор замонда дунёдаги геосиёсий қарама-қаршиликлар, ўз таъсир доирасини кен­гайтиришга қаратилган кураш кучайиб бормоқда, минтақамизда, бизга узоқ ва яқин мамлакатларда хавф-хатарлар ортиб бормоқда. Сиёсий ва иқтисодий қарама-қаршиликлар авжига чиқиб, терроризм ва экстремизм ҳаракатларига, қон тўкилишларга олиб келаётгани, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг, дунё бозорларидаги ноаниқлик ва тангликнинг давом этиши барчадан ҳушёрлик ва сезгирликни талаб этади.

Шуниси эътиборга моликки, мамлакатимизда мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларга эга, ҳаётга янгича қарайдиган, собиқ мустабид тузумга хос тушунчалардан озод бўлиб вояга етаётган, ўз фикри ва қарашларига эга бўлган навқирон авлод ҳаётга ишонч билан кириб келмоқда. Шуниси аҳамиятлики, улар ватанимиз тараққиёти йўлида ҳал қилувчи кучга айланмоқда.

Мамлакатимизда 1997 йилда қабул қилинган кадр-лар тайёрлаш миллий дастури ижобий маънодаги «портлаш эффекти»ни ҳосил қилди. Давлатимиз ушбу миллий дастурни қабул қилар экан, ҳозирги замонда демократик тараққиёт, модернизация ва янгиланиш соҳасида белгиланган мақсадларга эришишда энг му­ҳим қадрият ва ҳал қилувчи куч бўлган билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш вазифасини ўзининг устувор йўналишларидан бири қилиб белгилади.

Юртимиздаги мактабларнинг деярли барчаси янгидан қурилиб, капитал реконструкция қилиб, замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан таъминланди. Шунингдек, 1500 дан ортиқ янги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар барпо этилди.

Мустақиллик йилларида олий ўқув юртларининг сони икки баробар ортди. Бугунги кунда уларда 230 мингдан зиёд талаба таълим олмоқда. Юртимизда Буюк Британиянинг Вестминстер университети, Сингапурнинг менежментни ривожлантириш институти, Италиянинг Турин политехника университети, Россия нефть ва газ университети, Москва давлат университети, Россия иқтисодиёт университети, Жанубий Кореянинг Инха университети каби халқаро обрў-эътиборга эга бўлган етакчи олий ўқув юртларининг филиаллари ташкил этилиб, муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Ўзбекистонда таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш ёшларнинг дунёқарашини ўзгартириш, уларнинг сиёсий ва фуқаролик фаоллигини, ўз келажагига бўлган ишончини оширишнинг энг муҳим омили ва мустаҳкам асоси бўлди. Бугун мамлакатимиз аҳолисининг 62 фоиздан ортиқ қисмини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бу юқори билимли, эътиқоди мустаҳкам, Ватанига садоқатли ёшлар миллий иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилишда, кадрлар таркибини сифат жиҳатидан янгилашда, юртимизнинг тараққий топган демократик давлатлар қаторига кўтаришда қудратли омил вазифасини ўтамоқда.

Ватанга муҳаббат ҳисси инсоннинг қалбида табиий равишда туғилади. Яъни, том маънодаги шахс ўзлигини англагани, насл-насабини билгани сари юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб, юксала боради.

Мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашда ҳар бир ватандошимиз: «Шу давлат, шу жамият менга нима берди?» – деб эмас, балки: «Мен ўзим Ватанимга, ҳалқимга нима бердим?» – деб фикрлашига, фуқароларимизнинг Ватан манфаати ва равнақи учун фидойи бўлишига эришиш асосий мақсадимиздир.

Юксак инсоний фазилатларни мафкуравий иммунитетнинг қон томирлари деб аташ мумкин. Миллий табиатимизга хос бўлган меҳр-оқибат, мурувват, андиша, ор-номус, шарму ҳаё, ибо ва иффат каби бетакрор фазилатлар билан бирга халқимизни кўп жиҳатдан ажратиб турадиган бағрикенглик, меҳмондўстлик, оқ­кўнгиллилик сингари ҳислатлар оилада қарор топади.

Шу боисдан ҳар бир инсон учун Ватан, инсонийлик тушунчаси, аввало, оиладан бошланади. Шунинг учун оилада ва мафкуравий иммунитет тушунчалари чамбарчас боғлиқдир. Халқимизнинг «Қуш уясида кўрганини қилади», деган мақоли замирида улкан маъно яширинганлигини кўришимиз мумкин. Бу борада оиланинг тарбиявий-ахлоқий аҳамияти, қадр-қимматини англаб етмасдан, оилага миллат манфаати нуқтаи назаридан ёндашмасдан туриб, мафкуравий иммунитетни шакллантириш осон кечмайди.

Маҳалла халқимизга хос ўзини ўзи бошқариш тизимининг ноёб тизимидир. Президентимиз таъбири билан айтганда, «она юрт рамзи» ва «таъсирчан ижтимоий фуқаролик идораси»га айланган маҳалла миллий ва умуминсоний қадриятлар – дўстона қўшничилик ва ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик, ёшларни ватанпарварлик, жамият олдидаги ўз бурчи ва жавобгарлигини теран англаш руҳида тарбиялаш мақсадларига хизмат қилмоқда.

  • Автор: admin
  • 9-01-2017, 20:11
  • Посмотрели: 912


Имя:*
E-Mail:
Введите код: *
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив