ОММАВИЙ МАДАНИЯТ

Демократия байроғи остида фуқароларни қонуний ҳокимият органлари фаолиятини издан чиқариш, зўравонлик ҳатти-ҳаракатларини амалга оширишга ундашдек интилишлар ҳам мавжудлигини ёддан чиқармаслик лозим. Бундай таҳдидлар “эркинлик ва демократияни олға силжитиш” ниқоби остида ҳам амалга оширилмоқда. Президентимиз таъкидлаганларидек, айрим қудратли давлатлар томонидан муайян мамлакатларга, авваламбор, ер ости, ер усти бойликларига эга бўлган ҳудудларга нисбатан олиб борилаётган ана шундай ғаразли сиёсат дунёнинг айрим минтақаларида тинч ҳаётнинг издан чиқишига, ҳокимият тепасига айнан ўша давлатларнинг манфаатларига хизмат қиладиган кучларнинг келишига замин яратмоқда. “Оммавий маданият” байроғи остида биз учун мутлақо ёт бўлган ҳулқ нормаларини, маънавий ва аҳлоқий тубанликни тарғиб қилиш ҳам мафкуравий таҳдиднинг ўзига ҳос кўриниши ҳисобланади.

Бундай жараёнлар ривожида киноматографиянинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Кино инсон онги ва хулқига таъсир кўрсатишнинг ўзига хос услублари ва имкониятларига эга. Бундай таъсирнинг натижаларини кишиларнинг машҳур киноқаҳрамонларига тақлид қилишларида, уларнинг ҳатти-ҳаракатлари, қилиқлари ва ҳатто, кийинишларини такрорлашга интилишларида кўришимиз мумкин. Киноқаҳрамонлар айтган ва машҳур бўлиб кетган сўзлар, иборалар ва гапларни ҳам кинонинг кишилар ҳулқига таъсирини кўрсатувчи ҳаётий мисоллар сифатида қараш мумкин. Ўз даврида машҳур бўлган “Тарзан” ва “Фонтамас” филъмлари қаҳрамонларига тақлидан уларнинг ҳатти-ҳаракатларини такрорламоқчи бўлган кўплаб кишилар ҳалок бўлгани эса бундай таъсир ҳамма вақт ҳам ижобий эмаслигини кўрсатади.

Ёшлар ўзининг ҳаракатчанлиги ва янгиликка интилувчанлиги ҳамда бўш вақт ресурсига эгалиги туфайли юксак коммуникатив фаоллик кўрсатишади. Уларга хос бундай хусусиятлар салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Бу уларнинг “Юмшоқ эротика”дан тортиб “очиқ порнография”гача, тажовузкорликдан тортиб очиқ ваҳшийликкача бўлган ҳодисаларни ўзида мужассам этаётган, турли шакллар ва “гўзал” кўринишларда инсон онгига кучли тазйиқ ўтказадиган кинообразлар ёрдамида тоборо фаолроқ амалга оширилаётган агрессив ғоявий таъсирга берилиб кетиш хавфининг мавжудлиги билан белгиланади. Зеро, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек, “... онги шаклланиб улгурмаган аксарият ёш томошабинлар бундай филъмлардан кўпинча турли ёвузлик, йиртқичлик, шафқатсизликни ўрганади, холос. Натижада уларнинг дийдаси қотади, қалбидан тошбағирлик, зўравонлик, аҳлоқсизлик каби иллатлар жой олганини ўзи ҳам сезмай қолади. Ҳатто шундай томоша ва филъмларнинг қаҳрамонларига кўр-кўрона тақлид қилишни истайдиган йигит-қизлар ҳам топилади. Чунки, улар бундай уйдирма талқинлар таъсирида қўл ураётган иши қандай аянчли оқибатларга олиб келишини тушуниб етмайди”.

Миллий ва диний қадриятлар уйғунлигига асосланган, чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган маънавий тарбия нафақат бугунги кунимиз, балки истиқболимизни ҳам белгилаб беради.  

 

           18-умумий ўрта таълим мактаби 

           директори вазифасини бажарувчи.                                          Санжар Жуманазаров

  • Автор: admin
  • 21-05-2017, 11:31
  • Посмотрели: 927