ОДАМ САВДОСИ – МУДҲИШ ЖИНОЯТ ВА УНГА ҚАРШИ КУРАШИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ


Одам савдоси уюшган трансмиллий жиноят бўлиб, уни содир этиш оқибатида жисмоний шахслар товарга айланадилар. Яъни одамлар сотиб олиниши ёки сотиб юборилиши, ҳадя қилиниши мумкин. Жабрланувчилар асосан ўз юртидан бошқа давлатларга транзит қилиш ва чегаралардан ўтказиш орқали пулланади.

Одам савдоси жиноятлари мажбурий меҳнат, шаҳвоний хизматларга мажбурлаш, инсон аъзоларини трансплантация қилиш, чақалоқларни сотиш, инсонларни тиланчиликка мажбурлаш, мажбурий никоҳ ва репродуктив вазифалар эксплуатацияси (сунъий оналик, мажбурий бола туғиш) каби кўринишларда намоён бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган йиллар мобайнида республикамизда одам савдосининг оқибатларини чуқур англаган ҳолда унга қарши курашиш, юртдошларимиз чегара билмайдиган мазкур жиноят қурбонига айланиб қолишининг олдини олиш, ундан жабр кўрганларга ҳуқуқий ва ижтимоий, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Айтиш керакки, одам савдоси жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражаси юқори. Чунки у инсон соғлиги, ҳаёти ва бошқа ҳуқуқларига тажовуз этади, ёшлар маънавияти, ахлоқини бузади. Шу сабабли Жиноят кодексининг “Одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш” деб номланган 135-моддаси янги таҳрирда “Одам савдоси” деб ўзгартирилди. Унга кўра одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Табиийки, одам савдосига қарши фақат бир давлат ёки минтақа мамлакатлари кураш олиб боргани билан мақсадга эришиб бўлмайди. Бу иллатга барҳам беришда кенг миқёсли ҳамкорлик талаб этилади. Шу сабабдан ҳам сўнгги пайтларда ушбу масала БМТ фаолиятининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Қайд этиш лозимки, одам савдосига қарши курашиш борасида Ўзбекистон халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Ҳозиргача хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик (шу жумладан, одам савдоси)нинг хавфли кўринишларига қарши курашиш ҳақида 30 га яқин шартнома ва келишув имзоланган. Шу билан бирга, дунёда мамлакатлараро миграция сезиларли равишда фаоллашганини ҳисобга олиб, бу жараёнда фуқароларимизнинг манфаатларини муҳофаза қилиш мақсадида хорижий мамлакатлар билан битимлар имзоланаётганига ҳам эътибор қаратиш жоиз.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилаётгани учун ҳам самарадорликка эришилаяпти. Бу эса халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Бироқ хотиржамликка берилишга ҳаққимиз йўқ. Ушбу иллатга қарши ҳар томонлама кураш олиб борилсагина ижобий натижага эришиш мумкин.

                                                                             

                                                                                                                                                                              Ш.ПЎЛАТОВ



  
  • Автор: admin
  • 2-06-2017, 21:26
  • Посмотрели: 1 157