ХАТАРЛИ ИЛЛАТ

   

Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда 500 дан ортиқ экстремистик ва террорчи ташкилотлар томонидан ер юзининг турли нуқталарида ижтимоий-сиёсий беқарорликни юзага келтириш, иқтисодиётга путур етказиш, бегуноҳ одамларни нобуд қилишга қаратилган юзлаб қўпорувчилик хуружлари амалга оширилган. Жумладан, Афғонистон, Покистон, Сурия, Ироқ, Сомали каби қатор мусулмон мамлакатларида қанчадан-қанча қўпорувчилик хуружлари содир бўлди. Бу диний экстремизм ва терроризмнинг тобора шафқатсиз ва ғайриинсоний тарзда, ақлга сиғмас даражада жуғрофий кенглик касб этиб бораётганини англатади.

 Диний экстремизм ва терроризм турли динларга эътиқод қилувчи халқлар, ҳаттоки, цивилизациялар орасидаги ўзаро ишонч ва тинчликка ҳам рахна солаётир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилғай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: “Ноҳақ қон тўкиш сира қутулиб бўлмайдиган ҳалокатли ҳолатдир”.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видолашув ҳажида қилган васиятларида: “Одамларнинг жони, мулки ва номуси қиёматгача дахлсиз”, деганлар. Бу нафақат мусулмонларга, балки бошқа инсонларга ҳам тегишлидир.

Ҳозирги вақтда муқаддас динимизни ниқоб қилиб олган экстремистик оқимларнинг турли мамлакатларда олиб бораётган қўпорувчилик ишлари ва тинч аҳолининг жонига қасд қилишлари Исломга зиддир.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганларидек, “Ёвуз мақсадлари йўлида муқаддас Ислом динимизни ниқоб қилиб олган ғаразли ҳаракат ва кучлар соғлом фикрлайдиган ҳар бир инсонни ташвишга солмаслиги мумкин эмас. Дунёнинг турли бурчакларида содир этилаётган қўпорувчилик ва бузғунчилик ҳаракатларидан барчамиз тегишли хулоса чиқариб, сезгир ва огоҳ бўлиб яшашимиз кераклигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда”.

Диний экстремизм ва терроризм дунё халқларининг дини, маданияти, миллати ва давлатларнинг суверенитети, ҳудудий дахлсизлигига, шу билан бирга халқларнинг бирдамлиги, тинчлиги ва саломатлигига таҳдид солаётгани сабабли унга қарши жиддий курашмоғимиз зарур.

 

                                                                                                                                Ражабхон ҚИЁМОВ,                                                                                                                                      туман бош имом хатиби

  • Автор: admin
  • 7-01-2017, 11:05
  • Посмотрели: 761